Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гриппга қарши кураш бўйича янги қўлланмани ишлаб чиқди. Ушбу тавсиялар ташкилот расмий сайтида эълон қилинди.
⏩ Янгиланган йўриқнома, аввало, грипп билан касалланган беморларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари учун мўлжалланган. Шунингдек, у эпидемия ва пандемияларга тайёргарлик борасида тегишли идоралар учун маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади.
📊 Қайд этилишича, дунё бўйича ҳар йили тахминан 1 миллиард киши мавсумий гриппга чалинади. Улардан 3-5 миллион нафарида касаллик оғир кечади. Хасталик оқибатида йилига 650 минг нафаргача бемор ҳаётдан кўз юммоқда.
💊 Қўлланмада қайд этилишича, агар хасталик енгил кечаётган беморларда гриппнинг оғир шакллари ривожланиш эҳтимоли бўлса, мутахассислар балоксавир буюришни тавсия қилади. Агар бундай хавф даражаси паст бўлса, препаратни қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.
✅ Гриппнинг енгил шаклларига чалинганларга ланинамивир, осельтамивир, перамивир, занамивир, фавипиравир ва умифеновирдан фойдаланиш тавсия этилмайди. Қолаверса, бундай ҳолатда антибиотиклар қабул қилиш ҳам тўғри эмас.
✅ Касалликнинг оғир босқичида осельтамивирдан фойдаланиш самарали. Бироқ перамивир ва занамивир билан даволаниш буюрилмайди. Агар беморларда бошқа бактериал инфекциялар ривожланиш хавфи паст бўлса, уларга макролидлар буюрилмаслиги, плазма терапияси ўтказилмаслиги зарур.
✅ Агар грипп туфайли шифохонага ётқизилиш хавфи жуда юқори бўлса, осельтамивирни профилактика воситаси сифатида қўллаш мумкин. Лекин бундай вазиятда ланинамивир ва занамивирни қўллаш тавсия этилмайди.
➡️Қўлланмани юклаб олиш(инглиз тилида).
“Kishvar.Uz” yangiliklarini “Telegram”da kuzatib boring