+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
22-01-2024, 21:12
212

«Сув бошида биз турибмиз, сув бермаймиз», деб баҳслашиш бемаънилик – Садир Жапаров

Биз нафақат ўзимиз, балки қўшниларимиз ҳақида ҳам қайғурамиз, деди Қирғизистон президенти. 

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда ирригация, янги станциялар қурилиши, қўшни давлатларни сув билан таъминлаш ҳақида гапирди. У «Кабар» давлат агентлигига берган интервюсида ўз нуқтаи назарини билдирди. 

Унга кўра, ўтмишда қурилган кунлик ва ўн кунлик назорат ҳовузлари тозаланмаган. Сув етарли даражада сақланмагани учун деҳқонлар суғориш мавсумида сув танқислигини бошдан кечирди. 

«Бу йил ҳамма нарсани тозалаймиз. Бундан ташқари, мен бутун мамлакат бўйлаб янги ҳовузларни қуриш бўйича кўрсатмалар бердим. Ушбу ҳовузлар биринчи навбатда қуйи оқимдаги қўшниларимиз учун фойдалидир. Суғориш мавсумида оқар сув билан боғлиқ низолар келиб чиқади. Агар қишда ҳовузларда эриган сув йиғадиган бўлсак, баҳордан дарё суви қўшниларимизга тўлиқ оқади. Яъни аввалгидан ҳам кўпроқ сув олади. Суғориш мавсумида фермерларимиз ҳовуз сувларидан, қўшниларимиз эса оқар сувдан фойдаланиши мумкин бўлади», деди Садир Жапаров. 

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон қишда беҳуда оқаётган сувдан самарали фойдаланишга, бу билан баҳс-мунозара келтириб чиқармасликка ҳаракат қилади. 

«Охирги марта Бишкекни қандай сув босганини кўргансиз. Кундалик назорат ҳовузлари йўқлиги сабабли сув шаҳарга оқиб, кўчаларни тўлдирди. Агар ҳовуз бўлса, бу сувни тежаш мумкин эди. Бу мамлакатимизнинг барча ҳудудларида содир бўляпти. Қишда сув захирасини тўлдира олсак, қўшниларимизга ҳам етарли бўларди. Қўшниларимизга қанча сув керак бўлса, шунча сув берамиз. Шундай бўлади», деди давлат раҳбари. 

Мисол тариқасида Жапаров Қамбарота ГЭС-1 қурилишини келтирди. Президент ушбу станциядан қўшнилар ҳам сув ресурслари кўринишида фойдаланишига ишонч билдирмоқда. Қирғизистон фақат электр энергиясидан фойда кўради. Республика суғориш ва ичимлик суви учун Норин дарёси сувининг атиги 1 фоизидан фойдаланади. 99 фоизи Ўзбекистон ва Қозоғистонга ўтади. 

«Қамбарота ГЭС-1 қуриб битказилгач, қишда электр энергияси ишлаб чиқариш, суғориш мавсумида эса қўшниларимизга Тўқтўғул ГЭС ҳудудида тўпланган сувни етарли миқдорда бериш имкониятига эга бўламиз. Ҳозир қишда электр энергияси ишлаб чиқариш учун Тўқтўғул ГЭС қувватидан фойдаланяпмиз, ёзда эса уни тўхтатишга мажбурмиз. Чунки келаси қиш учун сувни тежамасак, электр энергиясиз қоламиз», деди Садир Жапаров. 

«Биз бу муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаяпмиз. Биз нафақат ўзимиз, балки қўшниларимиз ҳақида ҳам қайғурамиз. Биз абадий қўшнимиз эканмиз, энг муҳим масалалар ҳақида ўйлашимиз керак. Ва «сув бошида биз турибмиз, сув бермаймиз», деб баҳслашиш бемаънилик. Биз ҳаммамиз қардош халқмиз, абадий қўшнимиз ва кўп жиҳатдан бир-биримизга боғлиқмиз. Ҳаммасини санаб ўтирмайман, буни одамларнинг ўзи яхши билади», деб хулоса қилди у.