Блогер Қобил Дўсов вазир ўринбосарини ҳақорат қилганликда айбдор деб топилди
Бўстонлиқ тумани собиқ депутати, блогер Қобил Дўсов мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевни ҳақорат қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Ушбу иш бўйича бугун, 22 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ҳукм эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Ҳукмга мувофиқ, Дўсов жабрланувчи Боқиевга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноят – шахсни ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилишда айбли деб топилди.
Суднинг фикрича, судланувчининг айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, тўпланган далиллар, хусусан Facebook'даги “Кабул Дусов” номли профил ва Telegram'даги “Kobul Dusov | RASMIY KANAL” номли канални кўздан кечириш баённомаси билан тўлиқ ўз исботини топган.
Суд ҳукмига кўра, Дўсовга 1 йил давомида соат 21:00–07:00 оралиғида яшаш жойидан чиқиш чекланиб, бунга қўшимча равишда интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, ҳар ойда бир марта яшаш жойи бўйича пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ва маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланди.
Судя С.Мамадиевнинг эслатишича, жиноят иши бўйича манфаатдор тарафлар етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан белгиланган муддатда шикоят киритилиши мумкин.
“Kishvar.Uz” yangiliklarini “Telegram”da kuzatib boring