+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
27-01-2024, 16:43
115

Сӯх туманида диализ муолажасига муҳтож беморлар 45 нафарни ташкил этади

Бугун юртимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, айниқса, чекка ҳудудлар аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини биргина энг олис ҳудуд – Сўх тумани мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Туман тиббиёт бирлашмаси тақдим этган маълумотларга кўра, туманда сурункали буйрак етишмовчилиги касаллиги билан 45 нафар бемор шифокорлар назоратида туради. Улар доимий равишда диализ муолажаларини олишга муҳтож ҳисобланади.

 

– Шу пайтгача бундай беморлар гемодиализ ўтказиш учун 150 километр йўл босиб, ҳафтада 2-3 марта Марғилон ва Фарғона шаҳарларидаги

илмий марказларга юборилган. Энди бундай турдаги беморларга туманнинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти пайдо бўлди, – дейди Сўх тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Усмонжон Мамадалиев. – Шифохонамиз учун 3 та аппарат ажратилган ва унинг қиймати 15 млрд. сўмни ташкил этади. Ҳозирча уларнинг 2 таси етиб келган. Айни пайтда 2 та аппарат кунига 8 нафар беморга хизмат кўрсатмоқда. Таъкидланишича, туман тиббиёт бирлашмасидаги гемодиализ бўлимига мутахассислар вақтинча вилоят марказидан жалб этилган. Шу туфайли ҳозирда Сўх туманининг ўзидан гемодиализ бўлими учун мутахассислар тайёрланмоқда. Мазкур аппаратнинг туман тиббиёт бирлашмасига берилгани, энг аввало, диализ муолажасига муҳтож беморлар ва уларнинг яқинларини қувонтирди. Зеро, ҳафтасига 2-3 марта узоқ йўл босиб, вилоят марказига бориб-келиш осон эмас. Энди маблағимиз ҳам, вақтимиз ҳам тежаладиган бўлди, – дейишмоқда ушбу бўлимда даволанаётган беморлар.

Сўх туманида ташкил этилган шифохона ва хусусий клиникалар замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланганлиги боис, бундан қўшни мамлакат фуқаролари ҳам кенг фойдаланишади. Маълумотларга кўра, биргина тиббиёт соҳаси бўйича Сўх туманига қўшни Баткен вилоятидан даволаниш учун бир ойда 850 нафардан ортиқ Қирғизистон фуқаролари келишади. Шу сабабли мавжуд имконият ва талабдан келиб чиқиб, тиббиёт туризмини Сўхнинг янги ўсиш нуқтаси сифатида ривожлантириш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Туманда хусусий клиникалар сони тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда 8 та хусусий клиника туман аҳолиси ва қўшни мамлакат фуқароларига хизмат кўрсатмоқда.

Жаҳонгир СОБИРОВ,

журналист.