Фарғоналик табиб Иқболжон Солиев билан суҳбатлашиш учун борган мухбирлар табибнинг кўчасига киритилмаган. Мухбирлар билан кўчада гаплашган беморлар табибдан фойда кўрмаганини айтишган. Ўзбекистон табобат академияси мутахассиси табибни Тошкентга чақириб синаб кўргани, у инсулт беморни тузата олмаганини маълум қилган. Фото: Видеодан кадр Фарғона вилояти Қўқон шаҳри Мингтут маҳалласида яшовчи табиб Иқболжон Солиевнинг уйига мухбирлар боргани видеолавҳаси эълон қилинди. Лавҳадан кўринишича, “Севимли” канали мухбирлари табиб яшаётган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғайратжон Тошпўлатов билан учрашиб, Солиевнинг фаолияти ҳақида маълумот олган. Раис табибнинг олдин қўшиқчи бўлгани, катта стадионларда концертлар берганини айтиб, унинг табиблик фаолияти одамларга фойда келтиришини қўшимча қилган. “Табиб бу ерда фаолият кўрсатаётган маҳалла фуқаролар йиғинига манфаат келтирмас. Бироқ яқин орада яшовчиларга манфаат келтиряпти. Энг катта манфаат халқ манфаатидир. Меҳмон уйи ташкил қилишган. “Перашки” пиширишади, мана, тушуняпсизми, савдолар юради. Мен шу томони бизга энг катта ютуқ деб ўйлайман”, – деган у мухбир билан суҳбатда. Маълум бўлишича, Иқболжон Солиев фаолият кўрсатадиган кўчанинг бошланиши панжара билан тўсиб қўйилган. Панжара ёнида табибнинг яқинлари ўтиради. Улар бемордан қайси касаллик билан оғригани ҳақида маълумот сўрашади. Мухбирнинг айтишича, табибнинг яқинлари рухсатномаси йўқлиги учун уни кўчага киритишмаган. Табиб эса бир соат олдин Тошкентга чақирилган ва уйда эмаслиги айтилган. Аҳоли эса табиб беморларни қабул қиляпти деган фикрда. Шунингдек, табибнинг шахсий машинаси ҳам уйи ёнида бўлган. Лавҳадан мухбир табиб ҳузуридан чиққан 2 киши билан гаплашгани кўринади. Улар табибдан ҳеч қандай шифо топмагани ҳақида гапирган. Маълум бўлишича, табибнинг кўриги 100 минг сўм. Ўзбекистон халқ табобати бирлашмаси вакиллари табибга рухсатнома берилгани ва унинг фаолияти мониторинг қилинишини айтган бўлса, Ўзбекистон табобат академиясидаги мутахассис Иқболжон Солиевнинг фаолиятини оқламаган. “Илгари рўйхатга олган эдик. Мен гапирмаганларни гапиртираман, юрмаганларни юргизаман, деди. Уни Тошкентга чақирдим. Тошкентга чақириб, гапирмай қолган, инсулт бўлган одамни гапиртир, дедим. У у ёққа, бу ёққа юриб, гапиртиролмади, бор йўқол тошингни тер, дедим”, – деган мухбир билан гаплашган масъул. Лавҳадан кўринишича, мухбирлар боргач, кўчани тўсиб қўйган панжаралар, камералар олиб ташланган, навбат кутаётган беморлар тарқатиб юборилган. Эслатиб ўтамиз, олдинроқ худди шу табибнинг уйига тез ёрдам машинаси белгиларини эслатувчи автомашина беморни олиб боргани видеоси тарқалганди. Республика тез тиббий ёрдам маркази машина 103 хизматига тегишли эмас, деб муносабат билдирганди. Олдинроқ Kun.uz мухбири қўқонлик табиб Иқбол Солиевнинг беморларга қилаётган “универсал муолажаси” ҳақида суриштирув эълон қилган эди.
“Kishvar.Uz” yangiliklarini “Telegram”da kuzatib boring