+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
31-01-2024, 16:54
89

Бор йӯғи бир кило гӯшт эҳсон қилиб, дарҳол расмга тушадиганларга ибрат бӯлган воқеа. Ўзини ошкор қилмаган қашқадарёлик тадбиркор муҳтожларга 14 та янги уй совға қилди

Ҳар бирига бир миллиард сўмдан  — жами ўн тўрт миллиард сўм сарфлаб, етти ёт бегоналарга ҳадя қилиш учун кишининг қалби дарё бўлиш керак.

Косон тумани “Қуйи оброн” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ёшлар кўчасини бугун бемалол кўнгилларни обод этган кўча, дея айтиш мумкин. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Боиси, бир пайтлар бу кўчадаги хонадонлар ўрнида собиқ хўжаликдан қолган эски корхона бўлиб, қаровсиз ҳолда эди. Бўш турган ерни тадбиркор сотиб олиб, ҳар бир қаторига еттидан, жами ўн тўртта ҳовли қурди. Қурганда ҳам ҳеч бир камчиликсиз, ҳар бир хоналари шинам, замон талабларига мос қурди. Бундан ташқари, ташқи дарвозахонаси ҳам кенг. Ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Кўпчилик эндиликда бу хонадонларни яхшигина маблағга пуллаб, даромад топади, деб ўйлаганди. Аммо ундай бўлмади.

Энг қувонарлиси, тадбиркор уйлар қурилишини якунлангач, ҳеч бир кишидан сўраб ўтирмай, янги хонадон эгаларини ўзи қидиришга тушди. Маҳаллалар оралаб одамлар билан суҳбатлашди. Уйсиз, анча вақтдан буён ночор яшаётган, имконияти чекланган, умуман шароити оғир аҳволда турмуш кечираётганларни аниқлаб, рўйхатга олди. Бирор кишига сездирмай, туман ҳокимлиги орқали ҳужжатларини олиб, янги ҳовлиларни уларнинг номига расмийлаштирди. Барча ишлар якунлангач, ижтимоий таъминотга муҳтож 12 та оилага биттадан уй совға қилди.

— Ўтган йили апрель ойида бизга шу уйни беришганди, — дейди янги хонадонга кўчиб келиб, икки ўғли билан яшаётган Наргиза Қаҳҳорова. — Ҳали-ҳануз кўзларимга ишонмайман. Шунчалик шинам, каттагина уйни бизга беришгани қанчалик хурсанд қилганини тасвирлаб беришим мушкул. Нафақат уй, балки тўлиқ жиҳозлари билан ҳадя қилишди. Бундан ташқари, биринчи келган кунларимиз камида бир ойга етадиган озиқ-овқатлар бор эди. Илк бор уй ичига кирсам, стол устида тўртта иссиқ нон турганди. Музлаткични очиб қарасам, егуликларга тўла. Қаранг, бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган хонадонни совға қилиш билан бирга, ичидаги барча шароитларни яратиб бергани гўёки эртак оламига тушиб қолгандек ҳис қилдирди кишини. Ҳаётда шундай сахий инсонлар ҳам бор экан. У кишини бирор марта кўрмадик. Лекин туну кун дуодамиз. Агар сиз кўрсангиз яхши тилакларимизни етказиб қўйинг. Илоҳим фарзандларининг камолини кўриб, узоқ умр кўрсин. Бу қилган яхшиликлари учун бир умр кунларимиз шодликда ўтадиган бўлди.

Бошқа уйларда истиқомат қилаётганларнинг қисмати ҳам шу пайтгача аянчли ўтган. Лекин бугун биргина ҳимматли инсоннинг ёрдами билан кўнгилларига ёруғлик кириб келди. Умри давомида мамнунликни унутиб қўйган юзларида табассум пайдо бўлди. Яшаш, яхши яшаш завқидан баҳраманд бўла бошлашди.

Биз ҳам хонадонларга кириб, уй қурилишига эътибор қаратарканмиз, таҳсин айтмай иложимиз қолмади. Бирор нуқсонга кўзингиз тушмайди. Сифатга жиддий эътибор қаратилган. Бундай сахийликларни фақатгина эшитиб келганимиз боис, ўз кўзимиз билан кўриб, кемтик кўнгилларнинг бутун бўлган қувончига шерик бўлдик.

— Ҳозир Ёшлар кўчасидаги ўн иккита уй ўз эгаларига топширилган, — дейди “Қуйи оброн” МФЙ хотин-қизлар фаоли Клара Рўзиева. — Яна иккита бўш уй турибди. Бу ҳам яқинда топширилади. Яъни икки нафар чин етим йигит рўйхатга олинган. Шуларни янги ҳовлида уйлантириб, тўйини шу ерда ўтказиб бериш режалаштирилмоқда. Биласизми, аслида ким томонидан бу хонадонлар қурилганини биз ҳам билмаймиз. Фақатгина тадбиркор эканини эшитганмиз. Бирор марта ўзини таништиришни, шундай иш қилдим, дея мақтанишни истамаган экан. Ўнг қўлинг қилган савобни чап қўлинг сезмасин, деган ҳикматга амал қилганининг ўзи бир ибрат. Ким бўлса ҳам барака топсин. Қанча одамларни уй-жойли қилди. Ҳар бирига бир миллиард сўмдан — жами ўн тўрт миллиард сўм сарфлаб, етти ёт бегоналарга ҳадя қилиш учун кишининг қалби дарё бўлиш керак. Шундай инсонлар кўпаяверсин. Бугун биз ҳам бир четда қараб турмасликка ҳаракат қиляпмиз. Бу ерда яшовчиларнинг бандлигини таъминлашга эришдик. Асосан касаначилик орқали даромад топишмоқда. Ҳозир бемалол рўзғорини эплашиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашмоқда.

Саховатпеша кишининг бу хайрли ишлари кўпчиликка ўрнак бўлиши аниқ. Сабаби, сир эмас, кўп бора гувоҳ бўлдикки, бор-йўғи икки ёки уч килограмм егулик берганини расмга олиб, кўз-қилганлар, айниқса, карантин дамларида такрор-такрор кўзга ташланди. Аслида хайрли амални бажаришни мақтаниб, савоб ҳам, обрў ҳам топиб бўлмаслиги барчага аён.


Манба: "Янги Ӯзбекистон"