+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
14-02-2024, 17:03
79

Фарғонада илк маротаба яна бир ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Бугунги кунда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида мураккаб, ноёб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилган. Олдинлари юқори технологик муолажалар талаб этилган ҳолатларда  беморлар хорижда, асосан пойтахтда операция қилинган. 

—Энди эса бундай ноёб жарроҳлик амалиётлари ўзимизда ўтказиляпти, — дейди шифохона нейрохирургия бўлими мудири Абдумани Абдуолимов. —  Шу кунгача пойтахтдан малакали мутахассислар ёрдамида турли амалиётлар бажардик. Натижада ҳам илмимиз ошди, ҳам малакамизни яхшилаб оляпмиз. Яқинда Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари ҳамкорлигида яна бир ноёб операция амалга оширилди. 

Қўштепа туманида туғилган 7 ойлик чақалоқ Абдулла Адхамжонов ўнг пешона ва яноқ суяги синостози плагиоцефалия ташхиси билан шифохонада даволанаётган эди. Операция қилиниб, туғма бош суяк нуқсони бартараф этилди.

Мазкур амалиётга Болалар миллий тиббиёт маркази нейрохирургия бўлими мудири Олимжон Акрамов бошчилик қилди. Ўтказилган бош ўнг пешона орбитал соҳа реконструктив суяк пластик краниотомияси жарроҳлик амалиёти муваффаққиятли бажарилди.  Операция кам инвазив усулда краниотом ёрдамида илк маротаба амалга оширилди. Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли.

Шифокор Абдумани Абдуолимовнинг таъкидлашича, йил бошидан 20 дан ортиқ мана шундай юқори технологик операциялар бажарилган.

Марказ томонидан қисқа вақт ичида бундай ноёб амалиётлар вилоятда бажарилиши тарихий аҳамиятга эга. Мақсад чекка ҳудудлар аҳолисини ортиқча оворагарчиликларсиз, шу ернинг  ўзида малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.