+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
17-02-2024, 17:23
128

Соч нега тез-тез ва кўп тўкилади?

 Бугун аксарият инсонлар соч тўкилишидан қийналади. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда аёлларнинг 75 фоизи, эркакларнинг 50 фоизи айнан шу муаммодан азият чекмоқда.

Хўш, сочлар тез-тез ва кўп тўкилишининг асосий сабаби нима?

Ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Аваз Иноятов жавоб берди.

 — Соч – инсоннинг ярим ҳусни. Бироқ унинг бирламчи вазифаси чирой улашиш эмас, балки иссиқ ёки совуқ ҳаводан асраш, — дейди мутахассис. — Аммо шунга қарамай, сочларни доим ҳам сақлаб қолишнинг имкони йўқ. Чунки толаларнинг муайян умри бор ва бу муддат тугагач, уларнинг тўкилиши, табиий.

Мазкур жараён мунтазам давом этиб, тўкилган сочлар ўрнига янгилари ўсиб чиқиши керак. Мисол учун, бир кунда ўртача 80-100 тагача тола тўкилиши меъёрдир. 

Ушбу жараён тезлашиб, янги толалар ўсиб чиқиши камайса, ўз-ўзидан хавотирланишга сабаб бўлади. Толаларни тўкадиган омиллар жуда кўп. Энг аввало, бу ирсият билан боғлиқ. Агар ота-оналардан бирида бундай муаммо бўлса, у фарзандга ҳам ўтиши мумкин.

Шунингдек, баъзида соч ўчоқли, яъни танга-танга бўлиб тўкилиши ёки умумий сийраклашиши мумкин. Айрим эркакларда эса андроген алопеция (тепакаллик) учрайди. Бундай касаллик гормонлар фаолияти бузилиши ҳамда ирсият билан боғлиқ.

Тангали соч тўкилиши йўлдош касалликлар ҳисобига юз бериши, гемоглабин камайганда, ҳомиладорликда, наркоз олишда ва асабийлашганда кузатилиши мумкин.

Сурункали инфекциялар, сил, ўсма касалликлари, нурланиш, стресс, касб билан боғлиқ ноқулай шароитлар, нотўғри парвариш, витамин ва бошқа муҳим моддаларнинг етишмаслиги, айрим дориларни қабул қилиш ҳамда ошқозон-ичак трактининг патологиялари ҳам ушбу муаммони юзага чиқаради.

‼️Соч тўкилиши кишида тушкунлик уйғотади, ўзидан қониқмаслик, тортиниш ҳиссини кучайтиради. Шу боис киши ўзида тез-тез соч тўкилаётганини сезса, дерматолог-шифокорга мурожаат қилиши лозим.