+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
06-04-2024, 15:41
88

Москвада Касаба уюшмалари умумконфедерацияси анжумани бўлиб ўтди

Куни кеча Москва шаҳрида Касаба уюшмалари умумконфедерацияси (ВКП) Ижроия қўмитаси ва Кенгашининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Унда Қудратилла Рафиқов бошчилигидаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси делегацияси ҳам иштирок этди.

Касаба уюшмалари умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси ВКПнинг аъзо ташкилотлари фаолият кўрсатаётган мустақил давлатларда ХМТ конвенцияларини ратификация қилиш ва уларга риоя қилиш масаласини кўриб чиқди.

Касаба уюшмалари умумконфедерацияси Кенгаши 2023 йилнинг апрелидан 2024 йилнинг мартигача бўлган даврда ВКП Ижроия қўмитасининг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тинглади. Уни ВКП Бош котиби Виктор Пинский тақдим этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.Рафиқов сўзга чиқди.

– Бугунги тадбиримиз жуда оғир ва нотинч даврда ўтмоқда, – деди Қ.Рафиқов. – Дунё ҳамжамияти Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл”да содир бўлган жиноий ҳужумдан қаттиқ ғазабда. Халқаро террорчилар бегуноҳ тинч аҳолига қарши жирканч зўравонлик ҳаракатини амалга оширди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, террорчиларнинг на инсоний қиёфаси, на дини ва на миллати бор. Ушбу қийин дамларда Россияни бутун дунё қўллаб-қувватлади. Зеро, бугунги кунда ҳеч бир давлат террорчилик хуружларидан ҳимояланмаган. Ўзбекистон ҳам бир неча бор манфур террорчилик хуружларига учраган. Халқимизнинг жасорати ва матонати, ҳуқуқ-тартибот идораларининг аниқ ҳаракатлари, жаҳон ҳамжамиятининг қўллаб-қувватлаши туфайли биз бу ёвуз кучни енгишга муваффақ бўлдик. Шу боис Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ушбу террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаган ҳолда, ўз Мурожаатида, сўнгра Россия Федерацияси Президенти В. Путин билан телефон орқали мулоқотда ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оила аъзоларига, барча россияликларга чуқур ҳамдардлик билдирди. Федерация раиси шунингдек, йиғилиш иштирокчиларини Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, Россия Федерацияси билан самарали ҳамкорликни акс эттирувчи баъзи фактлар билан қисқача таништирди. Меҳнаткаш халқимиз бир тану бир жон бўлиб Янги Ўзбекистонни барпо этаётгани, ҳаётнинг барча соҳаларида кенг кўламли ўзгаришлар бўй кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади. “Бу бизга келажакка ишонч билан қараш имконини беради. Меҳмондўст юртимизга ташриф буюрган ҳар бир киши бунга амин бўлиши мумкин” – деди Қудратилла Рафиқов.

Тадбирда Касаба уюшмалари умумконфедерацияси доирасидаги тизимли ва келишилган ҳаракатлар мамлакатлар меҳнаткашларини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш борасида янгидан янги муваффақиятларга эришиш имконини беришига ишонч билдирилди.