+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
05-07-2024, 18:21
113

Жаннатмонанд Сӯх

Иқбол Мирзо, 
Ӯзбекистон халқ шоири

Ҳазрати Алининг қадами етган, 
Қаҳқаҳа овози оламни тутган.
Ровийлар тарихга Сӯх дебон битган,
Бобур Мирзо кӯнгил узолмай кетган, 
Маҳмуд Ғазнавийнинг қалбин ром этган, 
Исминг юрагимда ловуллаган чӯғ,
Муқаддас тупроғим жаннатмонанд Сӯх. 

Сени деб неча мард фидо қилди жон,
Муйдин, Очаором ҳамда Ҳомиджон. 
Баҳодир, Ҳокимнинг кӯксидир қалқон,
Арслон ӯғлинг Жамшид, Маҳмудхон-полвон,
Мирзолар номингни айлади достон.
Исминг юрагимда ловуллаган чӯғ,
Муқаддас тупроғим жаннатмонанд Сӯх. 

Тоғингда акс-садо берар ёвайло,
Қон-томиринг бӯлиб жӯш урар дарё,
Чашма булоқларинг ҳар дардга даво, 
Етти иқлимда йӯқ бундай хушҳаво.
Йигитларинг ӯктам, қизларинг барно,
Исминг юрагимда ловуллаган чӯғ,
Муқаддас тупроғим жаннатмонанд Сӯх. 

Тунда Сӯхимнинг шӯх садолари бор,
Ошиқ булбулларнинг наволари бор.
Асрларга тенгдош момоларим бор,
Момолар кафтида дуолари бор,
Дунёга бергусиз дунёлари бор,
Исминг юрагимда ловуллаган чӯғ,
Муқаддас тупроғим жаннатмонанд Сух. 

Эй сен, Она халқим чинордек азим,
Фақат сенга қуллуқ, ӯзинга таъзим.
Миришкор деҳқоним, улуғ устозим,
Майсаларни силар Иқбол овози,
Истиқлол мадҳида тинмайди созим,
Исминг юрагимда ловуллаган чӯғ,
Муқаддас тупроғим жаннатмонанд Сӯх