+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
29-01-2024, 19:35
80

Фарғона вилоятида “Фарғона-Хубэй фан ва инновациялар зонаси” ташкил этилади

Фарғона вилояти делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи давомида вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов бошчилигидаги гуруҳ Хубэй провинциясида бўлиб, провинция Ташқи алоқалар департаменти ҳамда провинция маркази – Ухань шаҳри раҳбарияти билан самарали расмий учрашувлар ўтказди.

Вилоят вакиллари Фарғона-Ухань савдо-иқтисодий форумида иштирок этдилар, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишдилар ҳамда Хубэй ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор музокаралар ўтказдилар.

75 миллион аҳолига эга ҳамда йиллик ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 800 млрд. доллардан ошиқ бўлган, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда Хитойда етакчи ҳудудлар қаторида турувчи Хубэй провинциясининг Ташқи алоқалар департаменти раҳбари Чжан Сяомэй ҳамда 15 миллиондан зиёд аҳоли яшовчи ва йиллик ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 300 млрд. доллардан зиёд бўлган, дунёнинг 100 та етакчи молиявий марказлари рўйхатида муқим ўринга эга Ухань шаҳри мэри Чэн Юнвень билан ўтказилган учрашувларда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, ижтимоий, туризм, таълим соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

“Хитой-Европа” темир йўли йўналишида Фарғона вилоятида халқаро логистика марказини ташкил этиш, вилоятимизда “Фарғона-Хубэй фан ва инновациялар зонаси”ни ташкил этган ҳолда Хитойнинг илғор технологиялари асосида электротехника, фармацевтика, рақамлаштириш йўналишларидаги янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик режалари белгилаб олинди.

Олий таълим соҳасида электротехника, робототехника, рақамлаштириш ва инновация йўналишларида икки ҳудуд олийгоҳлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки томонлама туризмни ривожлантириш ва тажриба алмашиш мақсадида Фарғона вилояти ва Ухань шаҳри туроператорлари ва ОАВ вакиллари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш каби масалаларда келишувга эришилди.

Фарғона шаҳридаги мактаблардан бирида Ухань шаҳридаги ихтисослашган мактаб билан ҳамкорликда Хитой тилини чуқурлаштириб ўқитиш бўйича иш ташкил этишга келишилди.

Музокаралар якунида яқин муддатда Фарғона вилояти ва Хубэй провинцияси ўртасида келгусидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган битим ишлаб чиқиш ва имзолашга келишилди.

Хубей провинцияси раҳбарияти бошчилигида делегациянинг вилоятимизга ташрифини амалга ошириш, шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Фарғонага Ухань тадбиркорлари ташрифини ташкил этиш белгилаб олинди.