+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
15-01-2024, 20:13
110

Ифлос ҳаво бўйича таклифлар, имтиёзлар гулдастаси ва қисқарадиган бюрократия — ҳафта дайжести

Тошкентнинг ифлос ҳавоси: расмийлар изоҳи


Тошкент шаҳрида дарахт кесишга мораторий эълон қилинганидан буён 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесиб юборилган. Бу даҳшатли рақамни жума куни Экология вазирлиги маълум қилди. Шу расмий рақамга асосланиб, агар 1 дона дарахт тахминий ҳисобда ўртача 4 квадрат метр жойни яшил сақлаб туради деб ҳисобласак, у ҳолда охирги 4 йил ичида Ўзбекистон пойтахти камида 20 гектар ям-яшил ҳудудини йўқотгани маълум бўлади. Бу дегани, 2019 йил 1 ноябридан то ҳозиргача шаҳар марказидаги Мустақиллик майдони ёки Миллий боғ ҳудудига тенг ҳажмдаги яшил ҳудуд йўқ бўлиб кетган.


Бундай кўламдаги дарахтлар қирғини айнан мораторий амал қилаётган пайтда рўй берганига ақл бовар қилмайди. Ва бу статистикага кўчириб ўтказилган дарахтлар қўшилмаган. Агар жараён шу зайлда кетадиган бўлса, бизни бундан-да оғир оқибатлар кутиб тургани аниқ. Бундай оқибатлардан энг кўзга кўринарлиси – ҳаво сифатининг ёмонлашиши ва бунинг натижасида аллергия ва бошқа касалликларнинг кўпайиши бўляпти. Тошкент бу ҳафта ҳам дунё бўйича ҳавоси энг ифлос шаҳарлар ўнлигига кирди.


Тошкент ҳавосидаги ғубор осмондан қандай кўринади?


Шундай шароитда, узоқ вақтдан бери сукут сақлаб келаётган Экология вазирлигидан ниҳоят садо чиқди. Kun.uz саволларига жавоб бермай келаётган вазирлик, охир-оқибат мухбиримиз камерани ёққан ҳолда изоҳ сўраб борганидан кейин, эртасига баёнот эълон қилди, матбуот анжумани ўтказди. Унда ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва муаммо ечимлари бўйича таклифлар санаб ўтилган. Сабаблар қаторида биринчи бўлиб яшилликнинг камайиб кетгани, мораторий даврида 49 мингта дарахт ноқонуний кесиб ташлангани, шаҳарда ҳалигача бош режа йўқлиги, қурилишларнинг бетартиблиги келтириб ўтилган.


Бундан ташқари, Экология вазирлигига кўра, автомобиллар сони ва тирбандликлар кескин кўпаяётгани, саноатда кўмир ва мазут ёқиш сезиларли ошгани ҳам ҳавони хавфли даражага олиб келиб қўйган. Устига устак, табиий омиллар ҳам бор: Тошкент географик жиҳатдан чуқурликда жойлашгани сабабли шамол яхши айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳардан табиий йўл билан чиқиб кетмасдан, димланиб қолади.


Вазирлик муаммо ечими юзасидан бевосита ўзининг ваколатлари бўйича айрим ваъдаларни берди. Унга кўра, республика бўйлаб саноат корхоналарида филтрлар ўрнатилади, ҳозир ишлаётганлари янгиланади. Атмосферага зарарли чиқинди чиқарувчи корхоналар жойлашган жойларда ҳаво сифатини мониторинг қилувчи автоматик станциялар ўрнатилади.


Экология масъуллари бошқа таклифларни ҳам илгари сурди. Хусусан, қурилишларга мораторий эълон қилиш, жамоат транспортида бензин ва дизелдан тўлиқ воз кечиш, автобуслар учун алоҳида йўлакларни кўпайтириш, тиғиз соатларда юк машиналари ҳаракатини чеклаш, диққатга сазовор марказий кўчаларда транспортдан холи ҳудудларни ташкил қилиш, сунъий кўллар барпо қилиш, пойтахтга чегарадош туманларда саноат мақсадларида кўмирдан фойдаланишни тақиқлаш, Тошкентнинг ўзида эса иссиқлик марказларида мазут ёқишга тақиқ киритиш, шаҳар атрофида “яшил белбоғ”лар яратиш каби чоралар таклиф этиляпти.


«Бу ҳаммага – оилангизга ва фарзандларингизга тааллуқли» — АҚШ элчиси Тошкентдаги ҳаво сифати ҳақида


Вазирлик таклифларидан айримлари анча кескин характерга эга. Масалан, шаҳарда АИ-80 бензинидан фойдаланишни тақиқлаш, автомобилларнинг тоқ ёки жуфт кунларга бўлинган ҳолда ҳаракатга чиқишини синаб кўриш, 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча автомобилларни тақиқлаб, аҳолига электромобил олиши учун имтиёз бериш таклиф қилиняпти. Бу баҳсли чоралардан фарқли равишда, энг илғор ечимлардан бири – автотураргоҳларни пулли қилиш масаласи эътибордан четда қолган.


Шанба куни Бош прокуратура баёнот бериб, Экология вазирлиги масъуллари ва мутахассислар иштирокида ҳаво ифлосланишига қарши чоралар ишлаб чиқилиб, амалга оширилишини маълум қилди. Айни пайтда Бош прокуратура хабарида айтилган таклифларнинг деярли барчаси (саноатда кўмир ёқилғисидан воз кечишдан ташқари) транспортларга тааллуқли – автомобилсиз кунларни жорий қилиш, ҳафта кунларини жуфт ва тоқ рақамли автомобилларга бўлиш, жамоат транспортидан фойдаланишни кенгайтириш, АИ-80 бензинини тақиқлаш.


Цемент заводлари учун солиқ 4 баробарга камайтирилди


Ҳаво ифлосланиши ҳақида гап кетганда, цемент заводлари масаласини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Охирги йилларда қурилган заводлар ҳисобига Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш қувватлари салкам 2 баробарга ошди. Бу заводлар атмосферага чиқараётган чиқиндилардан азият чекаётган ўзбекистонликлар, айниқса болалар сони қанчага ошгани, уларнинг даволаниш харажатлари қанчага тушаётгани, умрлари қанчага қисқараётгани эса маълум эмас.


Шундай шароитда, экологиямизни булғаётган бу заводлар учун 2024 йил 1 январдан бошлаб солиқ миқдори қарийб 4 баробарга камайтириб берилди. Аниқроғи, цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича солиқ ставкаси тоннасига 22 500 сўмдан 6 000 сўмгача пасайтирилди. Расмийлар буни цемент нархларининг кескин кўтарилишига йўл қўймаслик ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсади билан изоҳлаяпти. Амалда эса охирги бир йилда биржада цемент нархларининг кўтарилиши эмас, аксинча, арзонлашиши кузатилган.


Цемент ишлаб чиқарувчиларга берилган бу имтиёз бюджетга тушумларни камайтиради. Бу ўринда икки йил олдин нефт, газ ва бошқа ерости бойликларни қазиб олувчи хусусий компанияларга солиқ миқдори 2-3 баробарга камайтириб берилганини эслашимиз керак. Ўшанда бу имтиёзлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга рағбат беради деб айтилган, амалда эса газ ишлаб чиқариш ҳам, нефт ишлаб чиқариш ҳам камайишда давом этаверган эди. Давлат бюджети эса биргина 2022 йилнинг ўзида салкам 2 трлн сўм сўмлик солиқдан қуруқ қолганди.


Маълумот учун, Ўзбекистонда навбатдаги катта имтиёз соҳибига айланаётган цемент заводларининг катта қисми ё офшордаги компанияларга, ёки хитойлик инвесторларга тегишли. Энг йирик цемент заводи бўлмиш “Қизилқумцемент” 2022 йилда шубҳали тарзда хусусийлаштирилган, хорижлик инвесторлар завод бозор нархидан анча арзонга сотилганини айтганди.


Маиший техника ишлаб чиқарувчиларга – имтиёзларнинг янги пакети


Цемент ишлаб чиқарувчилардан кейин, имтиёзларнинг янги пакетини қўлга киритиш навбати электротехника саноатига келиши мумкин. Бу саноатдаги етакчи компания ва унинг асосчиси ҳаммага маълум-у машҳурлиги билан ажралиб туради. Элтехсаноатчиларга берилиши кутилаётган янги имтиёзларга тўхталишдан олдин, уларни қўллаб-қувватлаш учун амалда жорий этилган айрим тартибларни санаб ўтсак.


Аввало, электротехника маҳсулотлари учун баланд божлар ўрнатилган, жисмоний шахсларнинг хориждан маиший жиҳозлар олиб киришига чеклов қўйилган, бу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар учун солиқ ва божхона имтиёзлари берилган. Шунингдек, бюджет ташкилотлари ва давлат компанияларига фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр жиҳозларини харид қилиш мажбурияти қўйилган. Давлат харидларида бу маҳсулотларга импорт товарлар нархининг 15 фоизигача преференция жорий этилган. Бундан ташқари, электротехника саноати компанияларига субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратиб келиняпти.


Эндиликда, ана шуларга қўшимча равишда, маҳаллий электр жиҳозлари ишлаб чиқарувчиларга яна бошқа имтиёзларни ҳам бериш масаласи кўриб чиқиляпти. Манбаларга кўра, бу борада бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигидаги ҳукумат комиссияси топшириқ берган. Соҳа компаниялари сўраётган турли-туман имтиёз, преференция, субсидия, чегирма ва компенсациялар сони ўндан ошади.


Аввало, электротехника соҳасида муддати тугаётган солиқ ва божхона имтиёзларини 2027 йилгача узайтириш ва янада кенгайтириш, хориждан маиший техника импорт қилишда антидемпинг божларини ўрнатиш режалаштириляпти. Соҳадаги компанияларнинг экспортда валюта курсини ҳедж қилиш бўйича харажатларини қоплаб бериш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, маҳсулотини экспорт қилишдаги транспорт харажатларининг бир қисми қоплаб бериладиган электротехника компаниялари энди хомашё импортидаги транспорт харажатлари ҳам солиқ тўловчилар ҳисобидан қоплаб берилишини хоҳлаяпти.


Бунга қўшимча тарзда, масъул идоралар 2021-2022 йилларда импорт қилинган электр жиҳозларининг келиб чиқиш сертификатларини қайтадан текширишга қарор қилди. Gazeta.uz'нинг ёзишича, расмийлар қўшни давлатлардан электр жиҳозлари импорти кўпайганидан хавотирда. Уларнинг гумонига кўра, Қозоғистон орқали кириб келаётган кондиционер, музлаткич каби товарлар аслида Хитойники бўлиб, улар Қозоғистонда минимал даражадаги маҳаллийлаштириш билан, МДҲдаги эркин савдо зонаси доирасида Ўзбекистонга божсиз кириб келаётган бўлиши мумкин.


Ҳукумат комиссиясининг ушбу топшириқлари ОАВга сизиб чиққан кунларда, электротехника саноати учун қўшимча енгилликлар тўғрисида қарор имзолангани маълум бўлди. Унга кўра, 2024 йил 1 февралдан эътиборан, Ўзбекистонга қатор турдаги электротехника маҳсулотларини олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинади. Маҳаллий компанияларга эса навбатдаги имтиёзли кредитлар, солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилди.


Хабарингиз бўлса, ўтган ой охирида ташқи савдога доир бошқа бир мунозарали ҳолат ошкор бўлганди. Ҳукуматда кўриб чиқилаётган қарор лойиҳасига кўра, хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар, хусусан электромобилларни ҳам фақат дилерлар томонидан сотиш тартиби тикланиши мумкин. Ўзи бундай тартиб бекор қилинганига ҳали ярим йил ҳам бўлмаган, шу қисқа вақт ичида электромобиллар нархи сезиларли арзонлашган эди. Умуман, 20 минг доллардан қиммат автомобиллар сегментида танлов имконияти ошганди. Шундай вазиятда, нега яна эски чекловни қайта тиклаш масаласи кўриляпти? Kun.uz'нинг масъул вазирликларга бу бўйича йўллаган саволлари 10 кундан бери жавобсиз қоляпти.


Шу тариқа, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ҳаракатлари бир ён, давом этаётган протекционизм сиёсати бир ён бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, бир неча кун олдин Ўзбекистон ва Қозоғистон савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишиб олгани олқишга сазовор. Чунки Марказий Осиё интеграциясининг ўзагида айнан иқтисодиётларнинг яқинлашиши ётади. Бу борадаги асосий масъулият эса минтақанинг иккита энг катта давлати зиммасида турибди.


Чиқинди соҳасида муҳим ўзгаришлар


4 январ куни президент Шавкат Мирзиёев чиқинди соҳаси бўйича муҳим фармонни имзоланди. Унга кўра, соҳадаги долзарб муаммолардан бири – аҳолининг қарздорлиги масаласида янгича ёндашув жорий этилади. Яъни чиқиндини олиб кетиш бўйича қарздорлик юзага келган тақдирда, истеъмолчининг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти чеклаб қўйилади. “Оддий айтганда, ахлат учун пул тўламаган қоронғида ўтиради”, деб тушунтирди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.


Бундай тартиб 2024 йил 1 июндан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида, 1 ноябрдан бошлаб эса бутун республика ҳудудида амал қила бошлайди. Бундай чора аввалига 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун қўлланилади, 2025 йилдан бошлаб эса чиқиндидан 1 ойлик қарзи бор истеъмолчилар электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади. Шунингдек, 2024 йил апрелдан эътиборан, уй ёки автомобил сотаётган шахснинг чиқиндидан қарзи бўлса, нотариуслар олди-сотди шартномасини тасдиқлаб бермайди.


Фармон билан, чиқинди йиғиш майдончаларида ниҳоят ҳар хил тоифадаги контейнерлар пайдо бўлади. Ҳозирги вазият шундайки, сиз уйингизда чиқиндини сараласангиз ҳам, уни чиқиндихонага олиб борганда барибир битта контейнерга ташлашга мажбур бўласиз. Энди эса 2024–2026 йилларда бир қатор шаҳарларда чиқиндиларни учта тоифага – қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган ва озиқ-овқат тоифаларига ажратган ҳолда қабул қилиш йўлга қўйилади. Бунинг учун аҳолига уч хил рангдаги пакетлар бепул тарқатилади. Шунингдек, одамлар пластик, макулатура, металл, шиша каби қайта ишланадиган чиқиндиларни ўзига энг яқин чиқиндихонага олиб бориб, сотиши мумкин бўлади.


Яна бир чора белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаб кетиш ҳолатларига тааллуқли. Унга кўра, автомобил йўлларида радар ўрнатган тадбиркорларга экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам қайд этиш ҳуқуқи бериляпти. Масалан, кимдир кўчага чиқинди ташласа, ёки йўл четидаги дарахтни кесиб кетса ва бу ҳолат камерага тушиб қолса, камерани ўрнатган тадбиркор бу ҳақда хабар берган тақдирда, ҳуқуқбузардан ундирилган жариманинг 20 фоизи унга берилади.


Шу кунларда Ўзбекистонга чиқинди ташувчи биринчи электромобил ҳам олиб келинди. Хитойда ишлаб чиқарилган электрокар тўлиқ қувватда 300 км масофани босиб ўтиши айтиляпти. Экологияга зарарсиз махсус техника биринчи бўлиб Жиззах вилоятида синовдан ўтказилади. Синов муваффақиятли ўтса, келажакда чиқинди ташийдиган электромобилларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш режа қилинган.


Бизнес учун бюрократия қисқартирилмоқда


Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар учун бюрократияни қисқартириш ҳақидаги янги фармонга имзо чекди. Унга кўра, бизнесдан 8 турдаги ҳисоботлар ва статистик маълумотларни талаб қилишга чек қўйилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистик маълумотларнинг ягона рўйхати тасдиқланди ва 2026 йилгача бу ҳисоботларни тўлиқ онлайн тарзда топширишга ўтиладиган бўлди.


Бундан ташқари, 2024 йил 1 мартдан бошлаб, 22 турдаги лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади. Бунда, 7 та турдаги рухсатномалар тўлиқ бекор қилинса, яна 12 таси бирлаштириш йўли билан бекор қилинади, 3 таси эса хабар бериш тартиби билан алмаштирилади. Бу ҳужжатлар қурилиш, туризм, божхона, суғурта, автомактаблар, тиббий хизматлар, маданий бойликлар, ер қаъридан фойдаланиш ва бошқа соҳаларга тааллуқли.


1 мартдан бошлаб, лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасида қонунбузилиш содир этган тадбиркорларга молиявий жарималарни тўлашда чегирма берилади. Тадбиркор жаримани 15 кун ичида тўласа 50 фоиз, 30 кун ичида 30 фоизлик чегирмага эга бўлади.


Солиқ чеклари бўйича кешбэк миқдорига чеклов киритилди


Кам таъминланган аҳолига 12 фоизлик кешбэк бериладиган товарлар рўйхати кенгайтирилди. Ўтган йили йўлга қўйилган тартибга кўра, Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар гўшт, тухум ва ёғ сотиб олиб, харид чекини Soliq иловасига киритса, уларга ўзлари тўлаган 12 фоизлик қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш бошланган эди. Эндиликда бу рўйхатга ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматлар ҳам қўшилди.


Шу билан бирга, кешбэкнинг максимал суммаси ҳам белгилаб қўйилди. Эндиликда кам таъминланганлар 1 ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, яъни 3 млн 400 минг сўмгача бўлган харидлар суммасидан 12 фоизлик кешбэк олиш мумкин.


Шунга ўхшаш чеклов исталган фуқаро олиши мумкин бўлган 1 фоизлик кешбэкларга ҳам жорий этилди. Чеклов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари, яъни 20 млн 400 минг сўм белгиланди. Яъни эндиликда фуқаролар 1 ойда 1 фоизлик кешбэклардан максимал 204 минг сўм ола олади. Шунингдек, корпоратив карталар орқали тўлов қилинган харидлар учун кешбэк тўланмайдиган бўлди. Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, бу чекловлар кешбэк йиғадиганларнинг 98 фоизига таъсир қилмайди. Бу янги тартиб бошқаларнинг чекларидан фойдаланиб катта миқдорда кешбэк йиғаётганларга қарши қаратилган.


Бу ҳафта яна нималар рўй берди?


Azon Global ахборот таҳлилий портали асосчиси, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов 28 декабр куни Туркияда қўлга олингани маълум бўлди. Манбаларга кўра, турк полицияси уни жамоат хавфсизлигига таҳдид гумони билан олиб кетган. Ўзбек дипломатлари ундан хабар олган, жараёнга адвокатлар жалб этилган. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасидан маълум қилишларича, Мубашшир Аҳмад Истанбул вилояти Чаталжа туманидаги депортация марказида ушлаб турилибди.


Орган ходимларининг тасвирларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганларни жазолаш ҳақидаги қонун Сенатда кўриб чиқиляпти. Юқори палатанинг маълум қилишича, бу каби қонунлар ривожланган давлатларда ҳам бор. Агар Ички ишлар вазирлигининг таклифи маъқулланса, ҳуқуқ органлари ходимларининг хизмат вақтидаги фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун 17 млн сўм жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси киритилади. Бир қатор расмий шахслар ва жамоатчилик фаоллари буни очиқлик сиёсатига зид деб баҳолаган.


Рўзадор фермерларни оғзини очишга мажбурлагани билан машҳур бўлган ҳоким яна “ўзини кўрсатди”. Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораев маҳаллий кенгаш қарори билан 48 та фермернинг ерини тортиб олди. Ваҳоланки, ҳокимларнинг бундай ваколати 2021 йилдаёқ бекор қилиниб, бу ваколат судларга ўтказилган. Фермерларга ерлари қайтариладими, улардан ёппасига ерларни тортиб олгани учун ҳокимга нисбатан сиёсий жавобгарлик бўладими деган саволлар ҳозирча очиқ қоляпти.


Тошкент шаҳрида худди кинолардагидек одам ўғирлаш жинояти содир этилган. Kun.uz'га маълум бўлишича, аввал “Абу Сахий” бозорида раҳбарлик лавозимида ишлаган, ҳозир эса Лондонда яшовчи катта бир тадбиркорнинг қизи ва невараси ўтган йили 9 март куни ўғирлаб кетилган. Бу жиноятни содир этиш учун АҚШ, Қозоғистон ва Кореяда яшовчи жиноят олами вакиллари бир гуруҳга бирлашган. Улар аёл ва унинг ўғлини бошларига қоп кийдириб, овлоқ жойда ушлаб турган ва бадавлат бизнесмендан 10 млн доллар беришни талаб қилган. Якунда, улар ушланиб, суд ҳукми билан 9 нафар жиноятчи 8 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум этилган. Батафсил тафсилотлар билан сайтимиздаги мақолада танишишингиз мумкин.


Россиянинг Пенза областида бир гуруҳ ўзбекистонликлар автоҳалокатга учради. Давлат рақами Ўзбекистонники бўлган JAC русумли минивен, ичида жами 9 нафар ватандошимиз бўлгани ҳолда, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, юк машинаси билан тўқнашгани айтилмоқда. Натижада 7 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, қолган 2 киши шифохонага ётқизилган. Шавкат Мирзиёев қурбонларнинг жасадларини ва омон қолган ватандошларни Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Ўзбекистонга олиб келиш бўйича топшириқ берди.


Ўзбекистоннинг ўзида эса яна бир йилда 2 мингдан ошиқ одам автоҳалокатлар оқибатида оламдан ўтди. Шу ҳафта маълум бўлишича, 2023 йилнинг 11 ойи давомида рўй берган аварияларда 2080 киши (!) ҳалок бўлган, яна 8055 киши жароҳатланган. Жароҳат олганларнинг қанчаси 1- ва 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолгани маълум эмас