+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
20-02-2024, 14:20
85

Ўзбекистонда «ижтимоий карта» жорий қилинади

Ушбу карта барча турдаги нафақа ва ижтимоий ёрдамларни ўзида бирлаштиради. У орқали транспорт ва коммунал соҳалардаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя бўйича видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хизматлар кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш мақсадида:

  • эҳтиёжманд тоифани белгилаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилади ва айнан қандай ёрдамга муҳтожлик борлиги аниқ белгилаб берилади;
  • ҳар бир муҳтож фуқаро бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури бўлади.
  • Маҳалладаги «еттилик» учун ижтимоий хизматлар бўйича ягона саволнома жорий қилинади.

Маҳалладаги барча ижтимоий хизматларни босқичма-босқич ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси орқали тақдим этиш йўлга қўйилади.

1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни «ижтимоий карта» орқали молиялаштиришни жорий этилади.

Бунда, энг аввало, «Саховат ва кўмак», «Аёллар», «Ёшлар» дафтарлари жамғармалари, кейинчалик босқичма-босқич 74 турдаги ижтимоий нафақа ва ёрдамлар ўтказилади.

Ушбу карта орқали транспорт ва коммунал соҳалардаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Давлат раҳбари ҳокимлар ва сектор раҳбарлари маҳаллада ўтказаётган қабуллар ҳам ўзгариши кераклиги, қабулларда маҳалла «еттилиги» кўтарган энг оғир масалаларнинг ечими бўлиши лозимлигини таъкидлади. 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига вилоят ҳокимлари билан бирга барча маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилиш топширилди.

Протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилиши белгиланди.

Маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилади.

Йиғилишда «Мурувват» уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатишни йўлга қўйиш топширилди.

Келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади.

Бу орқали, яна 60 минг эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади, уларга қараётган 3 минг киши ўқитилади.

Ҳозирда нафақа олаётган, лекин меҳнат қилиб, даромад олиш истагида бўлган 660 минг аҳоли учун зарур шароитлар яратилиши уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилади.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани тарихий воқеа бўлди ва ундаги мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, вилоят ва туман ҳокимлари ушбу шахсларга ёрдам бериш, уларнинг уюшмалари ва ташкилотлари билан мулоқот қилиш, шароит яратиш билан етарлича шуғулланамаётгани кўрсатиб ўтилди.

Айрим вазирлик, идоралар ва вилоят ҳокимликларда ногиронлиги бўлган бирорта одам ишга олинмагани танқид қилинди.