+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
18-01-2024, 06:37
95

Экология вазири ҳаво ифлосланиши бўйича ҳисоб бериш учун парламентга чақирилди

Депутатлар пойтахтда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазият юзасидан экология вазири Азиз Абдуҳакимовни чақиртиришга қарор қилди. Улар бу эшитув «кўргазма учун» бўлмаслигини алоҳида таъкидлашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 17 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовни Ўзбекистонда, жумладан, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисоб бериши учун чақиртириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси, Экология партияси фракцияси раҳбари Хайрулло Ғаффоров сўнгги пайтларда пойтахтдаги ҳавонинг ифлосланиши муҳокама мавзусига айланганини таъкидлади.
У «Ўзгидромет» маълумотларига таяниб, Тошкент шаҳрида январ ойида ҳаводаги майда PM2,5 заррачаларининг миқдори ўртача 45 мкг/м3 ни ташкил этгани, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан (5 мкг/м3) бир неча баравар юқори эканини маълум қилди. Шунингдек, у Тошкент шаҳри дунёда ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича юқори ўринни эгаллаб турганини эслатди.
Унинг сўзларига кўра, 2019 йилда «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинишига қарамай, вазият оғирлашмоқда. Шу боис ҳисоб бериши учун экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовни парламентга чақириш ҳақида қарор қабул қилинди.
Хайрулло Ғаффоровнинг таъкидлашича, Қонунчилик палатаси ҳисоботни тинглашдан ташқари, президентга ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқаришнинг мақсадга мувофиқлиги, шахсларни жавобгарликка тортиш ва ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш бўйича ҳам таклиф беришга ҳақли.
Унинг қайд қилишича, тингловни «кўргазма учун» ўтказиш режалаштирилмаган. Шунингдек, фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида олимларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, муаммони жойида ўрганадиган ишчи гуруҳ ҳам тузилган.