+29° Kechasi +17°
Farg'ona (Bugun, 5 oktabr)
Bugungi valyuta kurslari:

$ 12 741.02 so'm (-16.92 so'mga)
134.38 so'm (-0.68 so'mga)
14 062.26 so'm (-63.33 so'mga)
19-01-2024, 10:49
80

Жорий йил Республика кўз микрохирургияси марказида симуляция маркази ташкил этилади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир 2 миллиард нафардан ортиқ кишининг кўз касалликлари ҳисобига кўриш қобилияти пасайган ва шу дард билан боғлиқ ногиронлиги мавжуд. Бироқ улардан 1 миллиард нафарга яқинини жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин. 

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ана шундай мураккаб операцияларни ўтказиш борасида юртимиздаги етакчи тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

Бугунги кунда шифохонада 14 та бўлим бўлиб, 95 ўринга мўлжалланган. Марказда офтальмологиянинг барча йўналишлари бўйича 63 нафар малакали мутахассис фаолият кўрсатади.

Яқин йилларгача юртимизда офтальмология соҳасида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказишнинг имкони йўқ эди, — дейди марказ директори Азамат Юсупов. — Шу сабабли аксарият беморлар даволаниш учун хориж давлатларига боришга мажбур эди.

Бугун эса вазият бошқача. Юртимизда тиббиёт йўналишида ислоҳотларнинг янги даври бошлангач, энг сўнгги ва мураккаб даволаш ва диагностика усулларининг барчаси амалиётга татбиқ қилинди.

Айни пайтда марказда оптик когерент томография ва ангиография, электроретинография, ультратовушли биомикроскоп, флуресцентли ангиография учун фундус камера, фемтосонияли лазер, бир неча турдаги факоэмульсифиакторлар каби 60 дан ортиқ замонавий текширув ва даволаш ускуналари мавжуд.

Ўтган 2023 йил муассасада жами 16 минг 331 та жарроҳлик операцияси ўтказилиб, уларнинг 54 фоизини юқори технологик амалиётлар ташкил этди.

Шунингдек, марказда касалликлар профилактикаси ва уларни даволашнинг янги усулларини жорий этиш мақсадида хорижий мутахассислар иштирокида доимий семинар тренинглар ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, Россия Федерацияси, Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Германия, Озарбайжон каби қатор давлатлар билан кадрлар малакасини ошириш, биргаликда маҳорат дарслари ва жарроҳлик амалиётларини мунтазам ўтказиш йўлга қўйилган. Ўтган йил марказнинг 12 нафар мутахассиси хорижий мамлакатларда малака ошириб қайтди.

Жорий йил муассасада янги симуляция марказини ташкил этиш режалаштирилган. Натижада “Катаракта факоэмульсификация”, “Ностандарт ҳолатларда катарактада факоэмульсификация”, “Кераторефракцион лазер жарроҳлиги” ва “Глаукомани замонавий ташхислаш ва даволаш усуллари” дастурлари бўйича мутахассисларни ўқитиш йўлга қўйилади.